Тавсия қиламиз

ИСТИХОРА НАМОЗИ ҲАҚИДА

Мақолалар access_time17-июль 2017, 13:54

  «Истихора» сўзи луғатда хайрни талаб қилиш, деган маънони…

Қонунни бузманг!? ёҳуд ғурурни сақланг!!

Мақолалар access_time13-июнь 2017, 19:25

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Робби яссир ва ла туъассир робби таммим бил…

Маънавий жиноятларнинг хатари 

Мақолалар access_time15-январ, 16:04

Бугун, ҳижрий 1439 йил Робиъус-саний ойининг 24 кунидаги жумъа мавъизамиз…

Ота-она ҳаётлик даврида фарзанднинг яхши амалдан суюнган бўлса, улар оламдан ўтиб кетгач, уларнинг руҳи ҳам фарзандининг солиҳ амалидан хушнуд бўлаверади

access_time8-октябрь, 12:24 visibility1417

Туғилган фарзанд вояга етганида унинг ким бўлиши ота-онанинг тарбиясига боғлиқ қилиб қўйилди. Шунинг учун динимизда тарбия вожиб мақомига кўтариб қўйилди. Шу туфайли ота-она фарзанди учун дунёда ҳам, охиратда ҳам жавобгар, масъул бўлди. Аслида ҳар бир инсоннинг ўз ҳисоб-китоби бор, насиб қилса, ҳар бир инсон ўзининг қабрига тушади. Аммо фарзанднинг тарбияси ота-онанинг зиммасига вожиб бўлгани учун улар дунёда ҳам, охиратда ҳам жавобгар бўлар экан. Қарангки, энг яқин кишилар бўлмиш, тан маҳрамлар бўлмиш эр-хотин ўртасидаги никоҳ ўлим туфайли узилар экан. Энди улар эр-хотин бўлмай қолар экан, бир-бирига ҳалол бўлмай қолар экан. Шунинг учун эр ўлган аёлини ювиши мумкин эмас, дейилган. Бунинг сабаби шуки, ўлим уларнинг тан маҳрамлигини ботил қилади. Аммо ота-она билан фарзанд ўртасидаги ришта ўлим билан узилмайди. Ота-она тириклигида фарзандга қанчалик дахлдор бўлган бўлса, ўлимдан кейин ҳам худди шу йўсинда дахлдорлик давом этади. Ота-она ҳаётлик даврида фарзанднинг яхши амалдан суюнган бўлса, улар оламдан ўтиб кетгач, уларнинг руҳи ҳам фарзандининг солиҳ амалидан хушнуд бўлаверади. Худди шунингдек, ота-она боланинг ёмон амалидан бу дунёда қанчалик озор топиб, хафа бўлса, уларнинг ўлимидан сўнг уларнинг руҳи ҳам ноқобил фарзанднинг ёмон амалларидан озор топаверади.  
Имом Ҳоким ва Табаронийлар ҳазрати Мункадир ибн Ҳалафдан, у зот отасидан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:  
Пайғамбар алайҳиссалом набиралари Ҳусайнни кўтариб олиб, ўпдилар. Сўнг бизга ўгирилиб, «Бола бахилликка, қўрқоқликка, жоҳилликка ва ғам-ташвишга сабабчи бўлиб қолади», дедилар. Имом Бухорий ҳам «Адабул муфрад» асарида шу мавзу учун алоҳида боб очиб, бу ҳадиснинг қисқароқ матнини келтирганлар.  
Қандай қилиб бола ота-онасининг қўрқишига, бахил бўлишига, хафа бўлишига, жоҳил бўлишига сабабчи бўлади? Бунинг сабаби юқорида айтилган яқинликдир, ота-она билан фарзанд ўртасидаги риштадир, биродарлар. Мана ман деган ботир одам, юраги отнинг калласидек келадиган қўрқмас ота ҳам боласи учун қўрқоқлик қилиб қолади. Мана ман деган сахий, саховатда Ҳотам Тоийни ҳам йўлда қолдирадиган ота боласи учун бахиллик қилиб қолади. Ота-она бола-чақанинг ташвиши деб, ўқимай юриб, жоҳил бўлиб қолиши мумкин. Фарзандига бирор озор етиб қолса, бемор бўлиб қолса, ёки бошқа ташвишлар келиб қолса, ота-она қаттиқ қайғуга тушиб қолади. Ваҳоланки аслида мўмин одам бахил ҳам, қўрқоқ ҳам бўлиши мумкин эмас. Лекин бола учун қилинган бахиллик, қўрқоқлик одатдаги, мўмин киши учун хатарли бўлган қўрқоқлик ва бахилликдан бироз фарқ қилади.  
Аслида мўмин одам фарзанднинг ота-она зиммасидаги ҳақларини адо қилишга мана шундай ҳушёр бўлиши, ташвиш чекиши керак. Фарзанднинг ота-она зиммасидаги ҳақлари қайсилар? Уларни бир эслаб ўтамиз: муносиб она ёки ота танлаш, чиройли исм қўйиш, қулоғига азон ва иқома айтиш, хатна қилиш, дину диёнатни ўргатиш, одоб бериш, исломий тарбия бериш, илм бериш, касб-ҳунар ўргатиш, уйлантириш, турмушга узатиш ва ҳоказолар. Ота-она мана шу ҳақларга риоя қилиши учун улар билан фарзанд ўртасидаги яқинлик, меҳр риштаси ана шундай қаттиқ боғланган экан. Бир ўйлаб кўрайлик, ҳеч ким кечира олмайдиган гуноҳ қилган болани она кечиришга тайёр бўлади.  
Яқин ўтган кунларда Аллоҳ таоло менинг волидамга бир оғир дард берди. Аллоҳ шифо берсин, дуоларингизни сўраб қоламиз. Дардлари жуда оғир, касалхонада ётибдилар. Бир неча кун олдин кечқурун ёнларида ўтирдим. Опамлар хизматларида. Қаттиқ оғриқ азоб беряпти, оғриқ қолдирадиган муолажа қилиняпти, лекин таъсири унча сезилмаяпти, чунки ёшлари катта, кексайиб қолганлар. Хуллас, дард оғирлик қиляпти. Шу пайт эсноқ келиб қолди-ю, бир эснаб олдим. Онам кўзларини юмиб, қийналиб ётган эдилар. Лекин эснаганимни кўриб қолдилар. «Уйқунг келди-я, боравер уйингга», дедилар. Аслида ҳар бир ота-она кексайган чоғида фарзанди ёнида бўлишини истайди. Аммо онанинг меҳрибонлиги шу қадарки, мени уйқуси келди деб, уйингга боравер деяптилар. Ваҳоланки ўзлари қанчалик оғриқда, қийноқда ётибдилар.  
Аммо ана шу меҳрибонлик ҳам, ана шу раҳмат ҳам Аллоҳ таолонинг банда меҳрибонлигининг юздан бирига ҳам тенг бўлмайди, биродарлар. Энди тасаввур қилиб олаверинг, она болага қанчалик меҳрибон. Аммо бу Аллоҳ таолонинг бу оламларга меҳрибонлигининг юздан биридан ҳам камдир. Онани ҳам қийнайверсангиз, сўкаверсангиз, охири жаҳли чиқиб, Журайжнинг онасига ўхшаб, боласини қарғаб юбориши мумкин экан. Бу қиссани ҳали айтиб берамиз, иншааллоҳ. Журайжнинг онаси ҳар қанча меҳрибон бўлмасин, уч кун уч марталаб чақирса ҳам жавоб бермагани учун ўғлини дуоибад қилиб юборган экан. Аммо банда Аллоҳ таолони қанчалар сўкмасин, Аллоҳ таолога нолойиқ нисбатларни бермасин, ҳатто У Зотга шерик келтирмасин, Аллоҳ таолони ҳар қанча ҳақорат қилмасин, Аллоҳ таолога осий бўлмасин, астойдил тавба қилса, Аллоҳ таоло кечиради, биродарлар. То жони халқумига келгунча бандага бу имконият берилган. Аллоҳ таоло кечиради. 

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ 

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР