Тавсия қиламиз

ҚАЛБ ХОТИРЖАМЛИГИГА ҚАНДАЙ ЭРИШИЛАДИ?

Мақолалар access_time26-март, 22:19

ҚАЛБ ХОТИРЖАМЛИГИГА ҚАНДАЙ ЭРИШИЛАДИ?    Аллоҳ таоло шундай марҳамат…

ОВҚАТЛАНИШ ОДОБЛАРИ

Мақолалар access_time6-октябрь, 13:19

Исломда инсоннинг фақат руҳига эмас, балки жисмига ҳам ўзига яраша алоҳида…

УЧ САВОЛГА УЧ ЖАВОБ

Мақолалар access_time18-июнь 2017, 20:01

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу)нинг ҳузурларига уч киши ёш йигитни олиб келди.…

ВАТАНПАРВАРЛИК – ОЛИЙ ФАЗИЛАТ

access_time12-январ, 22:25 visibility1117

Мустақил мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, жамиятимизнинг барча жаб-ҳаларида муносиб ютуқлар қўлга киритилаяпти. Аҳолининг тинч, осуда ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш ана шу саъй-ҳаракатларнинг туб моҳиятини ташкил этади. Тинчлик, осойишталик аввало оиладан, маҳалладан бошланади. Шу маънода, юртимиздаги ҳар бир аҳоли яшаш жойларида ички ишлар ходимлари, участка нозирлари, маҳалла фаоллари, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида фуқароларни огоҳликка даъват этувчи тадбирлар ўтказиб келинаётир.

Табиийки, инсон қаерда дунёга келса, ана шу ер унинг учун қадрли Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алишиб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу билан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида орқаларига ўгирилиб, яъни Маккаи мукаррамага қараб:

«Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим», – деганлар.

Демак, ватанни севиш, уни соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳисдир. Бирор сабаб билан ватанини ташлаб, бошқа юртларга кетган кимса энг оғир дамларида уни қўмсаб, кўз олдига келтириши ва туғилиб ўсган замини ҳақида бирор қайғули хабар эшитганда қалбан эзилиши, ютуқларидан қувониши ҳам ватанга бўлган муҳаббатнинг белгисидир.

Тарихдан маълумки, бирорта миллат бошқа бир миллатни таҳқирламоқчи ёки оёқости қилмоқчи бўлса, аввало, унинг ватанини босиб олиб, вайрон қилган ёки ватанидан қувиб чиқарган. Ўз ватанининг душманлар қўлида қолганини кўрган миллат учун бундан ортиқ хўрлик ва азоб бўлмаса керак. Зеро, Ватан, миллат, дин тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир. Шунинг учун ҳам динимиз таълимотида она Ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги ҳақида қайғуриш Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ҳам кенг ёритилган.

Халқнинг бошига оғир кун келганда жонини сақлаш учун ватанни ташлаб қочиш инсонийликка тўғри келмайди. Халқимизда «ўзга юртда шоҳ бўлганингча ўз юртингда гадо бўл», деган ҳикматли сўз ҳам бор. Ўз ҳузур-ҳаловатини ўйлаб, ўзгаларни унутган киши ҳеч қачон она Ватанига, халқига нисбатан садоқатли бўлолмайди.

Исломда Ватан тушунчаси кенг қамровли бўлиб, аввало у истиқомат маскани, яъни уй-жой маъносида ишлатилади. Ислом дини таълимотида инсон ўзи яшаб турган Ватанини, динини, оила аҳлини ҳимоя қилиши энг улуғ амаллардан эканлиги таъкидланган. Ватан ҳимояси учун ҳарбийлар сафида туриш ҳам динимизда улкан савобли амал саналади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кеча кундуз «рибот», (яъни душман қаршисида туриш) бир ой тутилган нафл рўза ва ўқилган тунги намоздан яхшидир», – деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).

Уламолардан бирлари айтган эди: «Ҳар бир кимсага маълумдирки, ҳаёт оламида инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордир. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўлурлар. Улар: озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган молга ўзи эгалик қилмоғи, туғилиб ўсган она Ватани ҳамда асрлар бўйи асраб-авайлаб келаётган муқаддас дини».

Ҳакимлар айтадилар: «Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади». Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги уни ватанини ҳимоя қилишига, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлишига ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имконият даражасида ҳисса қўшишга ундаши лозим.

Ватанни турли ғаразли оқимлар ва ёвуз кучлардан ҳимоя қилиш йўлида диний экстремизм ва унинг турли кўринишларига қарши курашиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилган тезкор-профилактик тадбирлар ўз самарасини бериб, сезиларли даражада ижобий кўрсаткичларга эришилди.

Мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб келажагимиз эгалари бўлган ёшларга эътибор кучайтирилди. Юртимизда амалга оширилган кенг қамровли ишлар келажагимиз эгаларини Ватанга, миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу даврда юксак мақсад – муддаоларга эришиш учун юртимизда қонунчилик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашнинг муҳим бўғини бўлган Қуролли Кучлар ходимларига юксак эътибор қаратилди, мазмун-моҳиятига кўра улкан ишлар амалга оширилди.

Жонажон Ватанимиз тинчлиги, осойишталигини таъминлашдек масъулиятли, шу билан бирга, савобли ишларни бажаришга посбонларимиз камарбаста. Уларда бунинг учун матонат, мардлик ва жасорат каби фазилатлар етарли.

Зеро, ҳар бир оилада ўғил фарзанд туғилганда ота-она билан бир қаторда юрт – Ватан ҳам суюниб, шоду хуррам бўлар экан. Чунки ўғил фарзанд нафақат ота-онаси, оиласини, балки бутун халқини, Ватанини ҳимоя қиладиган ўғлон ҳисобланади. Юртимиз тинчлиги ва барқарорлигини сақлашда, мамлакатимиз ҳудудини ҳимоя қилишда ҳарбий хизматчиларнинг хизматлари беқиёсдир.

Ўз ороми, тинчи, ҳузур-ҳаловати, роҳат-фароғати, керак бўлса жонидан кечиб, Ватанимиз тинч¬лиги ва осойишталигини ҳимоя қилаётган она юрт посбонларининг машаққатли хизматини алоҳида эътироф этмоқчимиз.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

@mehrobuz

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР