Тавсия қиламиз

АБДУЛЛОҲ ИБН АББОСНИНГ ЎГИТЛАРИ

Мақолалар access_time24-июль 2017, 14:38

АБДУЛЛОҲ ИБН АББОСНИНГ ЎГИТЛАРИ Абу Нуаймдан: "Ибн Аббос (розияллоҳу…

Меҳр-мурувватни аямайлик

Масжид access_time2-май 2017, 15:38

Mehrob.uz: Меҳр-мурувватни аямайлик азизлар!!! Каналга уланиш учун линкни…

АЛЛОҲНИНГ КИТОБИ УЧУН НАСИҲАТ

Мақолалар access_time14-август 2017, 13:21

АЛЛОҲНИНГ КИТОБИ УЧУН НАСИҲАТ  "У Зотнинг Китоби учун" насиҳат…

ПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ВА ОИША РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲО ОНАМИЗНИНГ ЎРТАЛАРИДАГИ ЎЗАРО БУЮК МУҲАББАТ

access_time17-декабр 2017, 12:59 visibility1456

ПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД  СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ВА ОИША РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲО ОНАМИЗНИНГ ЎРТАЛАРИДАГИ ЎЗАРО БУЮК МУҲАББАТ 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ўрталаридаги ўзаро муҳаббат ажойиб бир ҳолатда эди. Ўша пайтни васф қилган китоблардаги ривоятларни ўқир эканмиз, бу нафис ҳолатдан завқланмай иложимиз йўқ.  
Охирги замон пайғамбари бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан у зотнинг маҳбуба завжаи мутоҳҳаралари Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ораларидаги ўзаро муҳаббат кенг маънодаги бўлиб, уни атрофлича мулоҳаза қилиш ва ўрнак олиш лозим. 
Албатта, бу маъноларни тўлиқ англашимиз учун ривоятларга мурожаат қиламиз. 
 Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 
''Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: 
''Албатта, сен мендан қачон рози бўлсанг ҳам биламан. Мендан қачон аччиқланган бўлсанг ҳам биламан'', дедилар. 
''Уни қаердан биласиз?'' дедим. 
''Қачон мендан рози бўлсанг, Муҳаммаднинг Роббиси ила қасамки, ундоқ эмас!'' дейсан. Қачон аччиқланган бўлсанг, Иброҳимнинг Роббиси ила қасамки, ундоқ эмас!'' дейсан'', дедилар. 
''Тўғри! Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, исмингиздан бошқани ҳижрон этмайман'', дедим''. 
Муслим ривоят қилган. 
Мана шу ҳадиси шарифда икки тарафнинг бир-бирларига нозик қарашлари ва илтифотлари очиқ баён этилмоқда.  
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг гапларидаги бир оғиз сўзнинг ўзгаришидан у кишининг руҳиятидаги куллий ўзгаришни англаганлар. 
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бўлсалар ана ўша ўзларидаги ўзгаришни жуда нозиклик билан юзага чиқарганлар. 
Икки тараф бир бўлганда эса бир-бирларига очиқ айтганлар. 
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ўз навбатларида, яъни ўзларига ажратилган вақтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳеч ажрашни истамас эдилар. Агар бирор сабабга кўра у зотдан ажраб қолсалар, излашга тушар эдилар. 
Имом Муслим, Термизий, Насаий ва Абу Довуд Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар: 
''Бир кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўринда йўқотиб қўйдим. Изласам, қўлим оёқларининг остига тегди, у зот саждагоҳда эканлар, икки оёқлари тик турган экан. Ўзлари бўлса:  
''Аллоҳумма аъузу биризока мин сахатика ва бимуъофотика мин уқубатика, аъузу бика минка, лаа уҳсий синоъан алайка. Анта кама аснайта ала нафсика'', дер эдилар''.  
Бу ривоятда ухлаб ётган Оиша онамиз розияллоҳу анҳо кўзларини уйқудан очганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жойларида йўқлигини сезиб, излашга тушганлари баён этилмоқда. 
Ибн Можа, Термизий ва Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳилар Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:  
''Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кечалардан бирида йўқотиб қўйдим. Сўнг у зотни излаб чиқдим. Қарасам, у зот Бақийъда бошларини осмон томон кўтариб турган эканлар: 
''Эй Оиша, Аллоҳ ва Унинг Расули сендан четлашидан хавф қилдингми?'', дедилар. 
''Сиз баъзи аёлларингизга боргансиз, деб гумон қилувдим'', дедим.  
''Албатта, Аллоҳ шаъбоннинг яримидаги кечада дунё осмонига тушади ва Калбнинг қўйлари жуни ададидан кўпроқни мағфират қилади'', дедилар. 
Биламизки, ''Бақийъ'' – Мадинаи Мунавварадаги машҳур қабристон. Бу қабристон билан Оиша онамизнинг ҳужралари орасида бир оз масофа бор. У киши ярим кечадан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни излаб боришлари орадаги муҳаббатнинг аломати бўлмаса, нима бўлиши мумкин эди? 
Имом Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳи Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: 
''Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мисвок қилар ва мисвокни ювишим учун менга берар эдилар. Мен дарҳол аввал ўзим мисвок қилар ва сўнгра уни ювиб, у зотга берар эдим''.  
Бу ҳадиси шарифда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо мисвок борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир одатларини баён қилмоқдалар. Бу кўпроқ оилавий шароитда бўладиган ҳолат бўлиб, уни айнан Оиша онамиз ривоят қилишлари жуда ҳам табиийдир. 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак оғиз ва тишларини тозалаб бўлганларидан кейин, тиш тозалагич (мисвок)ни ювиб қўйишни одат қилган эканлар. Бу ҳол ҳам шахсий покизаликка киради. 
Инсон тишини ва оғзини тозалаганда унга оғиздаги нарсалар илашади. Ана ўша нарсалардан мисвокни тозалаб қўйиш керак. Чунки улар мисвокда қолса, зарар келтиради. 
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган чексиз муҳаббат ва ҳурматлари шу ерда яна бир бор яққол намоён бўлмоқда. У зотдан мисвокни олиб, дарҳол ўзлари мисвок қилгач, сўнгра ювишлари шуни кўрсатади. 
Албатта, бу буюк муҳаббат самарасидан бўлак нарса эмас. 
Гоҳида ана шу буюк муҳаббат қаттиқ синовларга учраган. Агар айтиш жоиз бўлса, бу синовга Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳам аралашган. Аввал ўша синов ҳақида маълумот олайлик, кейин бирор нарса дермиз. 
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал бу ҳақда Жобир розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар: 
''Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириш учун келганларида одамлар у зотнинг эшиклари олдида туришган эди. 
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ичкарида ўтирган эдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳуга изн берилмади. 
Сўнгра Умар розияллоҳу анҳу келди. Изн сўрадилар, унга ҳам изн берилмади. Кейин Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумога изн берилди, улар ичкарига кирдилар. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жим ўтирардилар. Умар розияллоҳу анҳу (ўзича) бир гап қилай, шояд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурсанд бўлсалар, деб: 
''Эй Аллоҳнинг Расули, Зайднинг қизи (Ҳазрати Умарнинг хотини) ҳозиргина мендан нафақа сўраган эди, бўйнига боплаб туширдим!'' дедилар.  
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кулиб юбордилар, тишлари кўриниб кетди. Сўнгра: 
''Манавилар ҳам атрофимни ўраб олиб, нафақа сўрашмоқда'', дедилар. 
Абу Бакр розияллоҳу анҳу Оишани ургани ўринларидан турдилар. 
Умар розияллоҳу анҳу Ҳафсани ургани турдилар. Икковлари ҳам: 
''Расулуллоҳдан у кишининг ҳузурларида йўқ нарсани талаб қиласизларми?'' дейишди. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қайтардилар. Шундан сўнг ''хиёр'' деб номланган ушбу икки оят нозил бўлди: 
''Эй Набий, жуфти ҳалолларингга: ''Агар бу дунё ҳаётини ва унинг зийнатини ирода қилсангиз, келинглар, сизларни баҳраманд қилай ва чиройли бўшатиш ила бўшатиб қўяй'', деб айт. 
Яъни, ҳаёти дунё матоҳларидан керагини берай-да, сизларни талоқ қилай. 
''Агар Аллоҳни ва Унинг Расулини ва охират диёрини ирода қиладиган бўлсангиз, бас, албатта, Аллоҳ сизлардан гўзал амал қилгувчиларга улуғ ажрни тайёрлаб қўйган'', деб айт''. 
Ушбу икки оятдаги буйруққа биноан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир аёлларидан ёки бу дунё ҳаёти ва унинг зийнатини, ёки Аллоҳ, Унинг Расули ва охиратни ихтиёр қилишини сўраб чиқишлари керак эди.  
У зоти бобаракот бу ишни Оиша онамиздан бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳога:  
''Мен сенга бир ишни айтаман. Шошилмасдан, ота-онанг билан маслаҳат қилиб жавоб бергин'', дедилар.  
Оиша онамиз:  
''У қандай нарса?'' дедилар.  
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:  
''Эй Набий, жуфти ҳалолларингга'' оятини ўқиб бердилар.  
Оиша онамиз: 
''Сиз ҳақингизда ота-онам билан маслаҳат қиламанми?! Йўқ! Мен Аллоҳни ва Унинг Расулини ихтиёр қиламан. Сиздан илтимос, нимани ихтиёр қилганимни бошқа хотинларингизга айтмасангиз'', дедилар.  
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:  
''Аллоҳ таоло мени қўпол қилиб эмас, муаллим ва енгиллатувчи қилиб юборган, улардан ким сенинг нимани ихтиёр қилганингни сўраса, айтиб бераман'', дедилар. 
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча жуфти ҳалолларига икки ихтиёрдан бирини танлашга изн бердилар, ҳаммалари Оиша онамиз танлаган нарсани танладилар. 
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо эса Аллоҳни ва Унинг Расулини ихтиёр қилган эдилар. Ана шундоқ нозик бир пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ихтиёр қилиш ҳақидаги сўровни Оиша онамиздан бошлаганлари бежиз эмас. У зот Оиша онамиздан, албатта, ижобий жавоб чиқиши ва бу жавоб бошқа оналаримизга ҳам ўз таъсирини қўрсатишига ишонганларидан шундоқ қилган бўлсалар ажаб эмас. 
Бу ерда  Набий  соллаллоҳу  алайҳи  васаллам билан Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ораларидаги ўзаро буюк муҳаббат барча Ислом умматига хайр-барака келишига сабаб бўлди, десак, заррача муболаға қилмаган бўламиз.

''Ҳадис ва Ҳаёт'' китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР