Тавсия қиламиз

АЛИМЕНТ ВА НАФАҚА

Мақолалар access_time13-июнь 2017, 19:32

Аллоҳ таолонинг Қиёматгача умрбоқий бўлган муқаддас Ислом дини жамиятни…

2017-йилги ҳаж зиёрати ҳақида

Мақолалар access_time21-сентябр 2017, 14:45

Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин, бу йил насиб қилиб, ҳаж ибодатига бориб келдик.…

Тирикчилик дарди

Мақолалар access_time1-июль 2018, 18:21

Бугунги кунда, бу замонамизда аслида инсоннинг вақтини тежаш учун ишлаб…

ПАЙҒАМБАР СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ЖАРОҲАТЛАНДИЛАР.

access_time29-август, 10:17 visibility1503

     Ухуд жангида Пайғамбаримиз алайҳис-салоту вассаломнинг муборак юзларига жароҳат етди, пастки тишларидан бири синди. Бошлари, лаблари ёрилди.  
 У зот Абу Омир Фосиқ мусулмонларни учун қазиб, устини ёпиб қўйган чуқурлардан бирига тушиб кетдилар. Бошларига кийган дубулғанинг иккита ҳалқаси ёноқларига кирди. 
Мусулмонлар саросимага тушиб турган шундай нозик пайтда кимдир «Муҳаммад ўлдирилди!» деб бақирди. 
Бу катта ва қаттиқ зарба бўлиб, мусулмонларнинг қолган куч-қувватларига ҳам футур етказди. Улар урушни йиғиштириб, енгилиб, ортларига қоча бошладилар. 
Ҳамма енгилса ҳам, Анас ибн Назр Ансорий розияллоҳу анҳу енгилмади. Қўлидаги қуролини ташлаб, бир гуруҳ муҳожир ва ансорлар билан бирга турган Умар ибн Хаттоб ва Талҳа ибн Убайдуллоҳларнинг олдларига борди: 
«Нима қилиб ўтирибсизлар?!» деди. 
«Расулуллоҳ алайҳис-салоту вассалом ўлдирилибдилар», дейишди улар. 
Анас ибн Назр розияллоҳу анҳу: 
«У кишидан кейин дунёда яшаб нима қиласизлар?! Туринглар! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлган нарса устида (ёки ўлган йўлда) сизлар ҳам ўлинглар!» деди. 
Сўнгра мушриклар томон юриб кетди. Йўлда Саъд ибн Муъозни кўриб: 
«Эй Саъд! Мен Уҳуд томонидан жаннатнинг ҳидини сезяпман», деди-да, урушга кириб, мисли кўрилмаган мардлик ила жанг қилиб, шаҳид бўлди. Унинг танасидан кейинчалик етмишдан ортиқ жароҳат топдилар. Жасаднинг кимлигини ҳеч ким танимади. Фақат у кишининг сингиллари акаси Анас ибн Назр розияллоҳу анҳуни бош бармоқларидан таниб қолди. 
 
«ЭЙ МУСУЛМОНЛАР, СУЮНЧИ!» 
 
Шу пайт Расулуллоҳ алайҳис-салоту вассалом мусулмонлар томон юриб кела бошладилар. Дубулға кийган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни биринчи бўлиб Каъб ибн Молик таниб қолди ва баланд овоз билан: 
«Эй мусулмонлар, суюнчи! Расулуллоҳ тириклар!!!» деб бақирди. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга «Жим», деб ишора қилдилар. Мусулмонлар у кишининг атрофида тўпландилар. Биргалашиб, тоғ томонга кўтарилдилар. Абу Бакр, Умар, Ҳорис ибн Симма ва бошқа саҳобалар шу тўпда эдилар. 
Тоққа кўтарилиб келаётиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Халафнинг Авд лақабли отини миниб кетаётганини кўриб қолдилар. У мазкур отини Маккада махсус боқар ва «Шунинг устида туриб, Муҳаммадни ўлдираман», дер эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни эшитганларида: 
«Балки, иншааллоҳ, мен уни ўлдирарман», деган эдилар. 
Ҳозир уни кўрдилар-у, дарров Ҳориснинг найзасини олиб, Убай ибн Халафга қарата отдилар. Найза унинг бўйнини ялаб ўтди. Қайтишда Маккага етмасдан ҳўкиздек бўкириб ўлди. 

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР